24 апрел куни Япония Иммиграция хизматлари агентлиги Японияда ноқонуний равишда яшаб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди.
Улардан бири Японияга талаба визаси билан кирган, аммо кейинчалик ўқишдан четлатилганига қарамай, мамлакатда ноқонуний равишда қолиб кетган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган.
Иккинчи ўзбекистонлик қисқа муддатли виза билан Японияга кириб, рухсат берилган қолиш муддати тугашига қарамай мамлакатдан чиқиб кетмаган. Бу ҳақда давлат элчихонаси маълум қилди.
Япон дипломатларининг қайд этишича, қисқа муддатли виза билан Японияда ишлаш тақиқланган. Талаба визасини олиб борганлар эса, агар ўқишдан четлатилса, Японияда яшаш мақоми бекор қилинади.
“Агарда мамлакатда ноқонуний равишда яшаётган шахслар аниқланса, улар полиция томонидан ҳибсга олинади ва бундай шахсларга нисбатан иммиграция муассасасида ушлаб туриш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, Япония ҳукумати – шу каби шахслар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълумотларни бериб бораётганлиги сабабли, Ўзбекистонга қайтгандан кейин ҳам уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкин”, – дейилади элчихона ахборотида.
Япон расмийлари “Японияда ишлаш мумкин” деб даъво қилувчиларнинг ваъдаларига алданиб қолмасликка чақирмоқда.