Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентнинг мастер режаси мукаммал шаҳар барпо этиш мақсадида ишлаб чиқилганини таъкидлаб, у инвесторлар ташаббусига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини қайд этди.
Агар таклиф этилаётган ўзига хос лойиҳа шаҳар манфаатларига хизмат қилса, лот майдони ёки объект турини ўзгартириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланиши лозим.
Шу билан бирга, инвесторлар таклифларини кўриб чиқиш жараёнларида мураккаблик ва шаффофлик етишмаслиги, айрим қарорларнинг ойлаб чўзилаётгани танқид қилинди. Таклифларни тезкор, аниқ ва шаффоф мезонлар асосида кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Янги Тошкентнинг ўзига хос қиёфасини белгилайдиган йирик тижорат объектларини кўпайтириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ҳозирга қадар сотилган 54 та лотдан фақат 3 тасидаги лойиҳалар қиймати 100 миллион доллардан ошади.
Ер ажратишда очиқ ташаббус ва “Свисс чалленге” тамойилига асосланган амалиёт жорий этилади. Бунда лойиҳа ташаббуси очиқ эълон қилинади ва бошқа инвесторлар учун ҳам рақобат имконияти яратилади. Агар бошқа иштирокчилар яхшироқ шартларни таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга ажратилади.
Мазкур ёндашув инвесторлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва Янги Тошкент қурилишига хусусий инвестицияларни кенгроқ жалб этишга хизмат қилади.
Янги Тошкентда хизмат кўрсатиш ва ижтимоий объектлар қурилишига туртки бериш учун инфратузилма тўловлари қайта кўриб чиқилади.
Инфратузилма тўловининг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун 3 баробар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баробар, маданий ҳамда кўнгилочар масканлар учун 10 баробар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов 1 фоиз этиб белгиланади.
Бу тартиб қурилиши бошланган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади.
Дунёнинг етакчи архитекторлари ишлаб чиққан ўзига хос лойиҳаларга тезкор тартиб қўлланади. Лойиҳалаш, қурилиш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари жадаллаштирилади, бир хил маълумотни қайта-қайта талаб қилиш амалиётига чек қўйилади.