Бугун 9 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Яна бир давлат НАТОга аъзо бўлишни истамоқда

Яна бир давлат НАТОга аъзо бўлишни истамоқда

Кипр президенти Никос Христодулидис мамлакат НАТОга аъзо бўлмоқчи эканини айтди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Кипр ҳозирда Вашингтон билан альянсга қўшилиш йўлларини муҳокама қилмоқда.

Туркиянинг эътирозлари туфайли Кипр НАТОга аъзо давлат бўла олмаслиги мамлакат армиясини модернизация қилиш ва ҳарбий техника сотиб олиш бўйича кўплаб имкониятлардан маҳрум қилади, деди Христодулидис.

У Кипр АҚШ билан республиканинг иттифоққа аъзо бўлишининг уч даражасини муҳокама қилаётганини айтди. Кипрнинг тийиб туриш салоҳиятини мустаҳкамлаш биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Сиёсатчи бу борада НАТО ва АҚШ каналлари орқали ҳам, орол иштирок этаётган Европа иттифоқи мудофаа дастурлари орқали ҳам имкониятлар излаётганини билдирди.

Кипр ҳарбий кучлари АҚШ ёрдами билан зарур тайёргарлик ва асбоб-ускуналарни олгандан сўнг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши мумкин, деди у.

Христодулидис Кипрнинг асосий афзаллиги орол “алоҳида геостратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудудда” жойлашганини айтди.

У, шунингдек, оролнинг ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво базаларини модернизация қилиш бўйича қарорлар қабул қилингани, Кипр Европа иттифоқи билан ҳарбий-денгиз объектлари, АҚШ билан эса ҳарбий-ҳаво объектлари бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.

НАТОга аъзо бўлиш учун потенциал ариза топшириш муддатлари ҳақидаги саволга президент “Бу ҳақда қанча кам гапирсак, мақсадимизга шунча яқинлашамиз”, дея жавоб берди.

НАТО қоидаларига кўра, ҳудудий муаммолари ҳал этилмаган давлат унга аъзо бўла олмайди. Кипр худди шу номдаги оролнинг тахминан 60 фоизини бошқаради, қолган қисмини эса Шимолий Кипр турк республикаси назоратида. Кипрнинг НАТОга муваффақиятли аъзо бўлиш имкониятлари Кипр можаросининг ҳал этилиши ва Туркия билан муносабатларнинг яхшиланишига тўғридан тўғри боғлиқ.

Киритилди: 10:15 29.11.2024. Ўқилди: 1692 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!