Якшанба куни республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳарорат пасая бошлайди. Ҳаво ҳарорати кундузи 25-30 даражадан, жанубда 33-35 даражадан юқори бўлмайди. Бу ҳақида Ўзгидромет хабар берди.
Бугун кундузи шимолда ва чўл ҳудудларда, дам олиш кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати: бугун 33-35 даража, эртага 31-33 даража, якшанба куни 27-29 даража бўлади.
Ҳарорат асосан кечалари 16-19 даража бўлади.
Кейинги ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига салқин ҳаво кириб келиши давом этади. Ҳаво ҳарорати кечалари 10-15 даражагача, кундуз кунлари 20-25 даражагача пасаяди. Республиканинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.