Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Хоразмда пайдо бўлган номаълум йиртқич ҳақида туман ИИБ матбуот хизмати изоҳ берди

Хоразмда пайдо бўлган номаълум йиртқич ҳақида туман ИИБ матбуот хизмати изоҳ берди

Интернет нашрларида тарқалган хабарларга кўра, Хоразмнинг Шовот туманида жойлашган Беруний қишлоғида номаълум йиртқич ҳайвон пайдо бўлган. Беруний қишлоғида яшовчи маҳалла вакилининг айтишича, номаълум йиртқич томонидан ўтган ҳафтада йигирмата қўй ўлдириб кетилган. Туркманистон билан чегарадош бўлган бу ҳудудга шу пайтгача ҳеч қандай йиртқич ҳайвони чорвачиликка ҳужум қилмаган.

Қишлоқ аҳолиси уйдан чиқиб кетишга қўрқишмоқда , деб ёзмоқда аниқ.уз news.org хабарига таяниб. Қишлоқда яшовчи фуқаро маҳалла фуқаролари йиғини раиси ва милиция бўлимидагилар йиртқичларга қарши чора кўришларини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилишганлиги, бироқ бу бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаганлигини айтган.

- Ҳеч ким бизнинг шикоятларимизни эшитишни хоҳламаяпти. Сўнгги пайтда бизнинг овчиларимиз мол-қўйларимизга ҳужум қиладиган бир ҳайвонни отишди. У бу бўри ёки ит эмасди. Ҳайвоннинг тишлари бутунлай бошқача эди. Улар қўй ва қорамолларга ҳужум қилишмоқда. Биз милиция ва ҳокимиятга хабар бердик, аммо натижалар йўқ, - дея маълум қилган Қувондик исмли фуқаро.

Биз Шовот тумани ҳокимлигида фаолият юритувчи ходим билан боғланиб, ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда, бизга ҳолат бўйича туман ИИБ экология бошқармаси билан ҳамкорликда чора кўрилаётганлигини, изоҳ олиш учун туман ИИБ ходимлари билан боғланишимизни айтди.

Туман ИИБ матбуот хизмати ходими билан боғланилганда, бизга бу бўйича маълумотни биздан эшитаётганликлари, унгача бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганликлари, шунингдек, туман ИИБ га Беруний қишлоғида яшовчи аҳоли томонидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганлиги, зудлик суриштирув ўтказилиб, бир оздан сўнг аниқланган ҳолатлар бўйича маълумот етказишлари ни айтди.

Телефон орқали бўлган ушбу мулоқотга ҳеч қанча вақт ўтмай, туман ИИБ матбуот бўлими хизмати ходими қайта қўнғироқ қилиб, ўрганилган ҳолатлар юзасидан шундай маълумот берди:

Маълум бўлишича, туман раҳбарияти ижтимоий тармоқда тарқалган хабар бўйича кеча Беруний қишлоғига бориб вазиятни ўрганган. Аниқланган ҳолатларга кўра, Ҳеч ким бизнинг шикоятларимизни эшитишни хоҳламаяпти. Ҳолат юзасидан интернет нашрларига маълумот берган шахс фуқаролар орасидан топилмаган.

Шунингдек, хабарда илова қилинган 20 та қўй ўлиб ётган ҳолатдаги фотосурати интернетнинг қайсидир сайтидан олиниб хабарга илова қилинган бўлиши мумкин. Аммо бу сурат қишлоқдан олинмаган ва тарқалган хабарга тегишли эмас. Беруний қишлоғи фуқаролари томонидан туман ҳокимлигига ҳам туман ИИБ бўлимига ҳам ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

Фақат қишлоққа итнинг бўри билан чатишган нусхаси деймизми, шунақа ҳайвон келганида уни қишлоқ фуқаролари тутиб ўлдиришган. Лекин ўша ҳайвон бирон бир қишлоқ фуқаросининг 20 та қўйини еб кетмаган. Бу шунчаки 21 ахборот асрида тарқалган фейк хабар. Қишлоқ аҳолиси ҳеч қандай ваҳимада эмас ва бунга асос ҳам йўқ дея таъкидлади туман ИИБ ахборот хизмати ходими.

Киритилди: 12:35 26.03.2019. Ўқилди: 10227 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!