Ўтган йилги инвестицияларнинг ярмидан кўпи Урганч шаҳри, Қўшкўпир ва Урганч туманига тўғри келган.
Лекин инфратузилмаси яхши Гурланда атиги 40 миллион доллар, 250 гектардан ортиқ саноат зонаси бўлган Ҳазораспда 30 миллион доллар, 2 мингдан ортиқ тадбиркори бўлган Хонқада 10 миллион доллар инвестиция бўлганига эътироз билдирилди.
Шу боис, бу туман ҳокимлари ўзгартирилган эди. Янги раҳбарлар учун бу йил синов бўлиши қайд этилди.
Қўшкўпирдаги 175 гектарда “Ўзбекистон – Хитой технопарки” ташкил қилинмоқда. Бу ерда 1 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳалари бўлади.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида ҳам барча шароити бўлган тайёр ер бўш турибди. Бу ерга юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларни жойлаштириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Яқин йилларда мис ишлаб чиқариш 2 карра ошиши кутилмоқда. Ҳозирдан тайёргарлик кўриб, мисдан экспортбоп тайёр маҳсулот чиқарадиган янги қувватлар яратиш лозимлиги қайд этилди. Чунки Хоразм Европа бозорига чиқишда қулай логистикага эга.
Вилоятда худди Оҳангарондаги каби мисни қайта ишлаш кластери ташкил қилиниши белгиланди.