Бугун 1 сентябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ходим ишдан бўшатилди. Унга меҳнат дафтарчаси вақтида берилмаганлиги эса иш берувчига 80 миллион сўмга тушди

A A A
Ходим ишдан бўшатилди. Унга меҳнат дафтарчаси вақтида берилмаганлиги эса иш берувчига 80 миллион сўмга тушди

Яқинда Андижон вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш билан боғлиқ апелляция шикоятини кўриб чиқди. Яъники ишдан бўшатилган ходимга меҳнат дафтарчаси вақтида берилмаган. Низонинг сабаби бор-йўғи шу, холос. Аммо мана шу эътиборсизлик туман тиббиёт бирлашмасига қимматга тушди: иш берувчи энди собиқ икки ходимига мажбурий прогул кунлари учун салкам 80 миллион сўм тўлашга мажбур. Сўзимиз шу ҳақда.

Қисқаси, тиббиёт бирлашмасининг икки ходими – М.А. ҳамда Ш.А. суднинг 2018 йил 19 октябрдаги ҳукми билан судланади. Шу боис бирлашма бошлиғининг 2019 йил 27 апрелдаги тегишли буйруғига кўра, улар билан тузилган меҳнат шартномалари Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-банди асосида бекор қилинади.

Даъвогарлар аввалига ишга тиклаш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат этишади. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди 2019 йил 28 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвони рад этади.

Шундан сўнг М.А. ва Ш.А. бошқа иш топиш мақсадида меҳнат дафтарчаларини беришни сўраб ўзларининг собиқ ишхонасига бир неча бор эшик қоқиб боради. Бирлашма мутасаддилари эса ҳар гал меҳнат дафтарчаларини почта орқали юборганлигини маълум қилади.

Шу тариқа можаро судлашишгача етиб боради. Юқорида таъкидланганидек, М.А. ва Ш.А. меҳнат дафтарчаси берилмаганлиги натижасида келиб чиққан мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни иш берувчи ҳисобидан ундиришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судига мурожаат қиладилар. Биринчи инстанция суди даъвони рад қилгач, даъвогарлар ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти келтиришади. Судлов ҳайъати масалани атрофлича ўрганиб, қуйи суд қарорини бекор қилиш баробарида даъвони қаноатлантириш юзасидан ажрим қилади.

Судлов ҳайъати нега бундай тўхтамга келди?

Аввало, жавобгар томонидан меҳнат дафтарчаларини олиб кетиш ҳақида М.А. ва Ш.А.ни огоҳлантириб икки бор юборилган хабарномаларни даъвогарлар қабул қилиб олганлиги ҳақида далиллар мавжуд эмас.

Қолаверса, бирлашма томонидан даъвогарлар меҳнат дафтарчаларини олишдан бош тортганлиги ҳақида далолатнома тақдим этилган бўлса-да, уни имзолаган гувоҳларнинг суддаги кўрсатмалари бир-бирига қарама-қарши бўлганлиги боис ишончсиз далил деб топилган.

Яна бир жиҳат – иш берувчи меҳнат дафтарчаларини 2019 йил 31 июлда почта орқали юборганлигини маълум қилса-да, улар эгаларига етиб бормаган.

Хуллас, суд меҳнат дафтарчаси берилмаганлиги сабабли даъвогарлар бошқа ишга кириб, меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний тарзда маҳрум этилганлиги туфайли икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида иш ҳақи ололмай қолган, деган тўхтамга келди. Шундан келиб чиқиб, тиббиёт бирлашмаси М.А.га 40 миллион 535 минг сўм иш ҳақи ҳамда 1 миллион 450 минг сўм маънавий зарар, Ш.А.га эса 35 ярим миллион сўм иш ҳақи ва 1 миллион 300 минг сўм маънавий зарар тўлайдиган бўлди.

Хулоса шуки, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари доимо қонуний тартиб-таомиллар асосига қурилмоғи даркор. Йўқса, юқоридаги каби лоқайдлик ва эътиборсизлик қимматга тушиши ҳеч гап эмас.

Чўлпоной Исмоилова,

Андижон вилояти суди судьяси

Киритилди: 15:47 31.03.2022. Ўқилди: 4758 марта. Фикрлар сони: 4 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!