Хитойда оғир ишлаб чиқариш жароҳатидан сўнг икки оёғи сон қисмидан тўлиқ узилиб кетган 51 ёшли эркакка мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, оёқлари қайта уланди. Қарийб 20 ой давом этган даволаниш ва реабилитациядан кейин бемор ҳозир махсус ёрдамчи мослама билан мустақил ҳаракатлана бошлаган.
“Chinapress” маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса тахминан 20 ой аввал заводда содир бўлган. Иш вақтида машина билан боғлиқ авария оқибатида эркакнинг ҳар икки оёғи сон қисмидан тўлиқ ажралиб кетган.
Шифокорлар беморнинг оёқларини сақлаб қолиш учун зудлик билан мураккаб операция ўтказган. Жарроҳлик амалиёти қарийб саккиз соат давом этган ва унинг давомида ҳар икки оёқ қайта уланган.
Сучжоу шаҳридаги Жуйхуа ортопедия шифохонаси травматология бўлими маълум қилишича, бу икки оёқнинг сон қисмидан тўлиқ узилиши ҳолатида уларни муваффақиятли қайта улаш бўйича дунёдаги биринчи операция сифатида қайд этилган.
Ҳозирда бемор махсус юриш мосламаси ёрдамида хона ичида бировнинг кўмагисиз ҳаракатлана олмоқда. У кундалик эҳтиёжларининг катта қисмини мустақил бажараётгани ҳам айтилган.
Мутахассислар беморнинг сезиш қобилияти ҳам аста-секин тикланаётганини қайд этган. Хусусан, оёқларнинг тўпиқдан юқори қисмида сезувчанлик қайта пайдо бўлган.
Шифокорлар реабилитация жараёни ижобий кетаётганини таъкидлаб, бемор келгуси бир-икки йил ичида ёрдамчи воситаларсиз ҳам мустақил юриш имконига эга бўлиши мумкинлигини билдирган.