Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолийнинг маълум қилишича, Эрон томонидан ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари билан зарба бериш хавфи туфайли АҚШ авианосецлари ҳозирда Эрон соҳилларидан анча узоқда жойлашган.
Жалолий бу ҳақда РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Америка ҳарбий кемаларининг жойлашувига эътибор қаратилса, улар Эрон ҳудудий сувларидан узоқ масофада турганини кўриш мумкин.
Элчи аввалроқ Эрон АҚШнинг Abraham Lincoln авианосецига зарар етказгани ва шу орқали Вашингтонга муайян сигнал юборганини эслатди. Кейинчалик Эрон ҳарбийлари Америка флоти томон ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари бир неча бор учирилгани ҳақида хабар берган.
«Агар халқаро сувлардаги Америка кемаларининг жойлашувига назар ташласак, улар Эрон соҳиллари ва ҳудудий сувларидан анча узоқда турганини кўриш мумкин», — деди дипломат.
Жалолийнинг фикрича, Вашингтон бу сигнални, эҳтимол, қабул қилган. Унинг таъкидлашича, кемаларнинг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олганда, Эрон томонидан такрорий зарбалар беришга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин.