Украинадаги инқирозни бир кечада ҳал қилиб бўлмайди. Бу ҳақда Хитой ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй Жанубий Африканинг The Star газетаси ва Индонезиянинг Kompas нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
"Баъзи давлатлар можарога совуқ уруш нуқтаи назаридан қарайдилар, блоклар қарама-қаршилигини қўзғатадилар, бу инқирозни ҳал қилишга ёрдам бермайди" - деди у.
Хитой, дея қўшимча қилди Ли Хуэй, кескинликни пасайтириш жараёни ва музокараларга ҳисса қўшадиган ишларни қилишга тайёр.
Аввалроқ ХХР раиси Си Цзиньпин Хитой Украинадаги инқирозни янги совуқ урушни қўзғатиш учун баҳонага айлантиришга қарши эканини маълум қилганди. Шунингдек, у Франция ҳукумати ва Европа Иттифоқи раҳбариятини Украина масаласини ҳал қилиш бўйича тинч музокараларни бошлаш учун шароит яратишга чақирди.