Хитой минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун мулоқот платформасини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Хитой воситачилигида Урумчи шаҳрида ўтказилган маслаҳатлашувлар якунида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинликни юмшатиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг маълум қилди дейди ТАСС.
Унга кўра, 1–7 апрель кунлари Урумчи шаҳрида Хитой, Афғонистон ва Покистон вакиллари иштирокида бир қатор норасмий учрашувлар бўлиб ўтган. Музокараларда дипломатик, мудофаа ва хавфсизлик идоралари вакилларидан иборат идоралараро делегациялар қатнашган.
Томонлар мавжуд келишмовчиликларни мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилишга содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб, вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш бўйича келишиб олган.
Шунингдек, маслаҳатлашувлар давомида делегациялар Афғонистон–Покистон муносабатларидаги муаммоларни комплекс тарзда ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиб, устувор эътибор талаб этадиган асосий масалаларни аниқлаб олган.
Мао Нинг таъкидлашича, “Урумчи жараёни” доирасида томонлар юзага келган муаммоларни ҳал этишнинг энг реал йўли сифатида айнан мулоқот ва дипломатик воситаларни тан олдилар. Хитой эса минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида мулоқот учун платформа яратишда ҳамда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда ёрдам беришда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни Покистон–Афғонистон чегараси ҳудудида яна қуролли тўқнашувлар юз берган эди. Кобул Покистон томонидан Афғонистон ҳудудига уюштирилган ҳаво ҳужумларига жавобан ҳарбий операция ўтказаётганини маълум қилган.