Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқотлари маркази (CREA) аналитиги Люк Уикенденнинг The Guardian нашрида келтирилган ҳисоб-китобига кўра, жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида Россиянинг хом нефть экспортининг 86 фоизи (қувур орқали етказиб беришлар ҳам шунга киради) Хитой ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган.
"Агар Москва ушбу бозорларга кириш имкониятини йўқотса, ҳар ойда тахминан 7,4 миллиард доллар экспорт тушумидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу эса ойига тахминан 3,6 миллиард доллар солиқ тушумлари йўқотилишига олиб келади", — дейди Уикенден.
22 октябрь куни АҚШ “Роснефть” ва “Лукойл” компанияларига қарши санкциялар жорий этганидан сўнг, Хитойнинг давлат нефть компаниялари Россия нефтини харид қилишни вақтинча тўхтатгани, Ҳиндистон нефть қайта ишлаш заводлари эса импортни кескин қисқартиришга тайёрлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
"Европа Иттифоқи сўнгги олти ойда эришолмаган натижага АҚШ бир кун ичида эришди", — дея таъкидлади Британиянинг Қироллик қўшма мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) эксперти Том Китинг.
The Guardian'нинг ёзишича, сентябр ойида Ҳиндистоннинг давлат нефть қайта ишлаш корхоналари томонидан Россия нефтини импорт қилиш ҳажми бир ойда 38 фоизга камайиб, 2022 йилнинг май ойидан бери энг паст даражага тушган.
Ўтган ойда Россиянинг қазилма ёқилғилар экспортидан тушган умумий даромади яна 4 фоизга камайиб, кенг миқёсли уруш бошланганидан буён энг паст кўрсаткичга етди. Ҳозирги даромад ҳажми 2022 йил сентябридаги даражанинг ярмига тенг.