Бугун 27 октябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Путин Россия “дунёда ўхшаши йўқ” қурол яратганини айтди

Путин Россия “дунёда ўхшаши йўқ” қурол яратганини айтди

Россия президенти Владимир Путин ҳарбий қисм бўлинмалари бошқаруви пунктига ташрифи пайти ядро двигателига эга “Буревестник” қанотли ракеталарининг дунёда ўхшаши йўқлиги ҳақида баёнот берди.

“Менда саноат вакилларининг доклади бор, мудофаа вазирлигининг ҳам хулосаси аниқ. Бу дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб ишланмадир”, – дея Путиндан иқтибос келтирган давлат ахборот агентлиги (ТАСС).

Путин, шунингдек, ушбу қуролни ишлаб чиқишга киришилган пайтда юқори даражадаги мутахассислар ҳам унинг яқин истиқболда рўёбга чиқишига шубҳа билдирганини айтган.

РФ Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Путинга 21 октябрь кунги синов пайти “Буревестник” ракетаси 14 минг км масофани босиб ўтгани, 15 соат мобайнида ҳавода бўлгани ҳақида ҳисобот берган.

Қайд этилишича, “Буревестник” ракетаси устидаги изланишлар 2001 йилда АҚШ 1972 йилги Ракетага қарши мудофаа тизимларини чеклаш тўғрисидаги битимдан чиққанидан кейин бошланган.

Россия мудофаа вазирлиги янги стратегик қуроллар мамлакатга қарши ҳар қандай агрессиянинг олдини олишга қаратилганини маълум қилган.

Рус матбуоти даъвосига кўра, АҚШ мудофаа вазирлиги ҳам “Буревестник” ракетаси фавқулодда узоқ масофага парвоз қилиши ва автономлиги сабаб ҳар қандай вектордан зарба бера олишини тан олган.

“Euronews” телеканали хабар беришича, айни пайтда АҚШда бўлиб турган Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев Оқ уй вакиллари билан музокарада “Буревестник” қанотли ракетаси муваффақиятли тарзда синовдан ўтганини маълум қилган.

Ғарб экспертлари ядро двигателли “Буревестник” ракетаси узоқ муддат ва масофага парвоз қилишига эътибор қаратган. Айни чоқда, улар бошқа ракеталар каби “Буревестник”нинг ҳам заиф нуқталари мавжуд деб ҳисоблайди.

Расмий Москва ядро двигателли ракета яратилгани ҳақида баёнот бериши Ғарб билан ҳарбий зиддият янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Жорий йил 12-16 сентябрь кунлари Россия Беларусь билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилган. Жараёнга ҳарбий форма кийган Путин бошчилик қилган.

Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.

Кейинги пайтларда Россия раҳбарияти ва олимлари ядро қуроли ишга солиниши ҳақида гоҳ ошкора тарзда, гоҳ ишоралар билан баёнотлар бериб келмоқда.

2022 йил 27 февраль куни, Украина урушидан бир неча кун ўтгач, Путин мудофаа вазирлигига ядро қуролига алоқадор кучларни ҳарбий навбатчиликнинг махсус режимига ўтказиш ҳақида буйруқ берган эди. Мазкур таҳдидли баёнот ортидан эҳтимолий ядро зарбаси хусусида муҳокамалар қизғин тусга кирди.

Путин 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.

Россия раҳбари 2024 йил 29 февраль куни мамлакат парламентига йўллаган мурожаатида ташқи сиёсатга доир масалалар ҳақида гапиратуриб, ядро қуроли шай ҳолатда эканига ҳам шама қилган эди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган.

Россиялик айрим сиёсатшунослар Ғарб мамлакатлари “ақлини киргизиш” учун намойишкорона ядро портлашини амалга оширишни таклиф қилгани ҳам маълум.

АҚШ президенти Доналд Трамп 30 сентябрь куни Куантико ҳарбий базасида армия генераллари ва қўмондонлар қаршисида сўзлаган маърузасида Россияни ядро қуролига оид масъулиятсизларча баёнотлар оқибатидан огоҳлантирганди. Трамп гарчи ҳеч қачон қўллашга зарурат бўлмаслигини истаса ҳам, АҚШ ядро арсеналини модернизация қилиш лозимлигини таъкидлаган.

Киритилди: Бугун 13:41. Ўқилди: 1028 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!