Хитой Россия мисолида Ғарб санкцияларига қарши туриш йўлларини ўрганмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal манбаларга таяниб.
Уларнинг сўзларига кўра, Пекинда санкцияларнинг Россияга таъсирини ўрганувчи ва мунтазам равишда мамлакат раҳбариятига ҳисобот тайёрлайдиган махсус идоралараро гуруҳ ташкил этилган.
Бундай тадбирларнинг мақсади Ғарб чекловлари таъсирини юмшатиш бўйича Россия тажрибасидан сабоқ олишдир. Хусусан, шу мақсадда Хитой расмийлари вақти-вақти билан Москвага ташриф буюриб, у ерда Россия Марказий банки, Молия вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари билан учрашиб туради.
ХХР Россиянинг санкциялар босими остида «маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ташаббусларидан» ҳам манфаатдор, деди газета суҳбатдошларидан бири.
The Wall Street Journal нашрининг таъкидлашича, Пекин Тайван атрофидаги вазият кескинлашса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Хитойга қарши Украинага бостириб кириши муносабати билан Россияга қарши кўрилган чораларга ўхшаш санкциялар жорий қилишидан хавотирда бўлиши мумкин.
Газета манбаларининг таъкидлашича, ушбу гуруҳнинг иши Хитой бостириб киришга тайёргарлик кўраётганини англатмайди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги нашрга берган изоҳида Пекин "дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан, Россия билан тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилишга" содиқлигини таъкидлади.