Бугун 28 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Хитой қуруқликда, ер остида ва рақамли маконда келажак шаҳри концепциясини тақдим этди

Хитой қуруқликда, ер остида ва рақамли маконда келажак шаҳри концепциясини тақдим этди

Хитойнинг Сюнъань янги ҳудудида ер усти, ер ости ва рақамли инфратузилмани ягона тизимга бирлаштирувчи «Уч шаҳар» концепцияси тақдим этилди. Хитойнинг инновацион лойиҳаси Хэбэй провинциясида бўлиб ўтган Глобал бошқарув форумида намойиш қилинди.

Бу ҳақда CGTN хабар бермоқда.

Сюнъань ер ости инфратузилмасининг асосини умумий узунлиги 106 километр бўлган муҳандислик тоннеллари тармоғи ташкил этади. Ўтган йил охири ҳолатига кўра, ушбу тизим 1 500 кундан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишлаган.

Ер остида анъанавий сунъий йўлдош сигналлари етиб бормайдиган ҳудудларда ҳаракатланишни таъминлаш учун Сюнъанда BeiDou ва 5G технологияларига асосланган ички жойлашувни аниқлаш тизими жорий этилган.

Ер ости тармоғининг барча қисмлари шаҳарнинг «рақамли эгизаги» сифатида ишлайди. Биноларнинг ахборот моделлари ва сенсорлар сув босими, ҳарорат, намлик ҳамда газлар концентрациясини реал вақт режимида кузатиб, маълумотларни ягона бошқарув марказига узатади.

Келажак шаҳрининг ер ости тоннелларини текшириш ишлари хитойлик мутахассислар томонидан роботлаштирилган ёрдамчилар орқали амалга оширилмоқда.

«Илгари туманлардан биридаги узунлиги 11,75 километр бўлган ер ости участкасини текшириш икки мутахассисдан 22 соат вақт талаб қиларди. Ҳозир эса бу ишни бешта тўрт оёқли робот 3–4 соат ичида бажаради», — деди муҳандис Вэй Цзижэнь.

Пекиндан тахминан 100 километр жануби-ғарбий томонда жойлашган Сюнъань ҳудуди Хитой ҳукумати ташаббуси билан барпо этилмоқда. У пойтахтдаги юкламани камайтириш мақсадида юқори технологияларга асосланган ва экологик жиҳатдан қулай минтақавий марказ сифатида ривожлантирилмоқда.

Киритилди: Бугун 13:30. Ўқилди: 273 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!