Хитой Трампнинг “Олтин гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қуриш режасини танқид қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нинг бу лойиҳа “космик маконнинг ҳарбийлаштирилиши ва қуролланиш пойгасининг кучайиш хавфини оширишини” билдирди.
"Қўшма Штатлар фақат ўзининг хавфсизлигини таъминлашни истайди. Бу эса барча давлатлар хавфсизлиги таҳдид остида қолмаслиги керак деган принципга зид келади ва глобал стратегик мувозанат ҳамда барқарорликни издан чиқаради. Хитой бу борада жиддий хавотирда ва АҚШни ушбу тизимни ривожлантиришдан иложи борича тезроқ воз кечишга, йирик давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамловчи чораларни кўришга чақиради", дея баёнот берди Хитой расмийси.
Шу билан бирга, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Қўшма Штатларнинг ушбу режасини “суверен қарор” деб атади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Хитой “Олтин гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими лойиҳасини танқид қилган эди.