23 июль пайшанба куни Хитой Марс сайёрасига ўзининг илк учувчисиз ракетасини учиришга муваффақ бўлди. Хитойнинг энг йирик ташувчи ракетаси бўлган “Long March 5 Y-4” Ҳаинан оролидаги Вэньчанг Фазо Марказидан 12:41 да учирилди.
2020 йилда Марс сайёраси Ерга энг яқин масофага келган бўлиб, ҳозирда бу икки сайёра орасидаги масофа 55 миллион кмни ташкил қилмоқда. Сайёраларнинг бир-бирига бу даражада яқин келиши ҳар 26 ойда бир марта содир бўлади ва бу ҳолат 1 ой давом этади.
Хитойнинг ракетаси Марсга кейинги йилнинг февраль ойида етиб бориши кутилмоқда. Мазкур фазо кемаси Марснинг шимолий яримшридаги “Утопиа Планитиа” деб номланган текислигигига қўнишга уриниб кўради ва у ерни ўрганиш учун махсус кичик машинани 90 кунга тушириб қолдиради.
Агар ушбу миссия муваффақиятли амалга ошса, Хитой ўзининг биринчи уринишидаёқ Марс орбитасига кирган, унга қўнган ва махсус тадқиқот машинасини жойлаштирган дунёдаги биринчи мамлакатга айланади.
Марсга 1960 йилдан бери 50 дан ортиқ миссиялар амалга оширилган бўлиб, уларнинг ярми техник муаммолар туфайли муваффақиятсизликка учраган. Бу сайёрага учирилган ракеталарнинг фақат жуда оз қисмигина у ерга қўнишга уриниб кўрган.
“Ушбу миссия қийинчиликларга бой бўлиши ва олдинги ракеталарнинг ҳаракатларидан бошқачароқ бўлиши мумкин. Бу тадқиқот дастури ҳисобланади, шунинг учун унинг муваффаққиятли бўлишига 100 фоиз кафолат йўқ. Агар миссия барбод бўлса ёки бирор муаммо туғилса, биз олға интилишда давом этамиз ва ушбу лойиҳани бошқаттан амалга оширамиз” дейди ушбу миссиянинг матбуот котиби Лиу Тонгжи.
Лиу ушбу лойиҳанинг қийматини ошкор қилмади, лекин унинг сўзларига кўра, 2014 йилда бошланган мазкур миссия “жуда тежамкор” нархда бўлди.