АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камала Харрис келаси ҳафта Вашингтонга ташриф буюрганида Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди. Аввалроқ Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Зеленский билан эҳтимолий учрашув ҳақида маълум қилганди.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Харрисга Владимир Зеленский билан учрашув "ташқи сиёсат профилини кенгайтириш" учун керак. Bloomberg материалида айтилишича, Владимир Зеленский АҚШга ташрифи чоғида президент Жо Байден билан можарони ҳал қилиш режасини бўлишмоқчи. Агентлик маълумотларига кўра, Украина президенти ҳам Харрис ва Трамп билан "ўз режаларини баҳам кўришга тайёр".
Бундан ташқари, Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, Владимир Зеленский Қўшма Штатлардаги учрашувларда "НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлишни", шунингдек, иқтисодий ва хавфсизлик келишувларини талаб қилишни режалаштирмоқда. Украина президенти, шунингдек, замонавийроқ қуроллар етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқчи.
Аввалроқ Дональд Трамп Reuters журналисти билан суҳбатда келаси ҳафта Владимир Зеленский билан учрашиши мумкинлигини айтганди. У тафсилотларни келтирмади. 18 сентябрь куни Вашингтонда Камала Харрис ва Владимир Зеленский ўртасида режалаштирилган учрашув ҳақида CNN манбаларга таяниб ёзди.
Владимир Зеленский АҚШга ташрифи доирасида БМТ Бош Ассамблеясининг Олий даражадаги ҳафталигида нутқ сўзлаши ҳамда АҚШ президенти Жо Байден ва ҳар икки партия конгресси аъзолари билан учрашиши режалаштирилган. Зеленский 2022 йил февралидан бери иккинчи марта АҚШга боради. Унинг Вашингтонга сўнгги ташрифи 2022 йил декабрида бўлиб ўтган.