Xамас етакчиси Холид Мaшал жума куни Фаластин ҳаракати Исроилни тан олмаслигини яна бир бор таъкидлади. Унинг таъкидлашича, гуруҳнинг Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши Фаластин халқини «фақатгина мустаҳкамлайди».
Бу ҳақда Машал Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Имом Муҳаммад бин Абдул Ваҳҳоб масжидида ўзининг қўриқчиси Васим Абу Шабоннинг дафн маросимида маълум қилди.
«Биз принциплар бўйича муроса қилмаймиз ва Исроилни тан олмаймиз. Халқимиз жиҳод, қаршилик ва ҳақларимизни қайтариш йўлида давом этиб, миллий бирликни сақлайди», деди Мaшал.
“Бизнинг душманларимиз [Исроил] сабоқ олишмаяпти; улар юз йилдан бери раҳбарларимизни ўлдирмоқда ва нима бўлди? Ҳар сафар бир раҳбар вафот этса, бошқаси келади; бу халқимизни фақат кучли қилади, - деб давом этди у.
Исмоил Ҳания чоршанба куни Эрон пойтахти Теҳронда ўлдирилган. Хамас ва Эрон қотилликда Исроилни айблади, бироқ Тел-Авив унинг алоқадорлигини на тасдиқлади, на инкор қилди.
Қотиллик Исроил авиациясининг Байрутнинг жанубий чеккасида Ҳизбуллоҳ қўмондони Фуад Шукр ўлдирилганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди.
Давом этаётган воқеалар фонида Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида кенг кўламли уруш бўлишидан қўрқиш кучаймоқда – томонлар узоқ вақтдан бери чегара оша ҳужумлар билан алмашишган. 2023 йил октабр ойидан бери 39500 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган Ғазо секторига Исроилнинг ҳалокатли ҳужуми ҳам давом этмоқда.