"Мўғулистон Путинни ўз ҳудудида бўлган вақтида ҳибсга олмади ва уни судга топширмади. Мамлакат мазкур ҳаракатлари билан суднинг бу борада ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги илтимосини бажармади, бу эса Рим статути қоидаларига зид келади", дейилади Халқаро жиноий суд веб-сайтидаги суднинг дастлабки тергов палатасининг қарорида.
Гаагадаги суд палатаси, шунингдек, ҳар қандай шахснинг дипломатик дахлсизлиги, жумладан, давлат раҳбарларининг дахлсизлиги халқаро суд қарорини бажаришга тўсиқ бўла олмаслигини таъкидлади. "Мўғулистоннинг суд билан ҳамкорлик қилмаслиги даражасидан келиб чиққан ҳолда Улан-Баторга нисбатан ХЖСнинг кейинги ҳаракатлари ХЖСга аъзо давлатлар ассамблеяси томонидан белгиланади", деб ёзилган пресс-релизда.
Владимир Путин 2024 йил сентябр ойи бошида Мўғулистонга икки кунлик расмий ташриф билан бориб, Мўғулистон раҳбари билан Россия Федерациясидан нефт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган эди. Путинни ҳибсга олиш ордери эса 2023 йилнинг март ойида берилган.