Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Халқ таълими вазири Расул Кушербаевнинг фикрларига жавоб қайтарди

Халқ таълими вазири Расул Кушербаевнинг фикрларига жавоб қайтарди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ОТМларга кира олмаган ўқувчилари сабабли мактаб директорларининг ишдан олиниши ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди.

Депутат Расул Кушербаев «Мактаблар ўзини ишини қилиши керак. Шу стандартлар бўйича белгиланган таълимни бериши керак. У ўқишга кирадими, кирмайдими, ҳаётга тайёрланадими — бу мактабнинг бўйнидаги нарса эмас», — деган эди.

Депутат ОТМга ўқувчиси киролмаган мактаб директорларининг ишдан бўшатилиши ҳақида шундай деган эди: «Бу бюрократиянинг битта усулига ўхшаган нарса, демагогия ва бошқарувга ноқобил бўлган ёки шуни эплолмаган одамларни қўядиган талаби шунақа бўлади. Қачонки билим етмаса, маҳорат етмаса, дипломатик маданият етмаса бошқаришга, уларда фақат бақириш, қўрқитиш, мана шундай зуғум қилиш орқали бошқаришга ўтилади».

Расул Кушербаев бундай талаб қонунчилик ёки Меҳнат кодексида белгиланмаганлиги, керак бўлса бу учун судлашиш мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

Халқ таълими вазирининг жавоби

«Йиллар давомида мактабда малакали ўқитувчини ишга олиш ва рағбатлантириш ўрнига, таниш-билишчилик қилиши натижасида, юзлаб битирувчиларидан биронтаси ҳам олий таълимга кирмаган мактаб директори ўз жойини натижага ишлайдиган, янги ғоялари бор номзодлар учун бўшатиши керакмасми?», — дея жавобини бошлайди Шерзод Шерматов.

ХТВ вазирининг фикрига кўра, ОТМларга кира олмаган битирувчилари учун мактабларни «тўқ қизил» тоифасига киритиб, мактаб раҳбарининг ишлари кўриб чиқилганда бундай мактаблар сони камайганини кўриш мумкин.

«Натижада, бундай мактаблар сони бир йилда 3 баробарга камайди. Бу дегани, йиллар давомида умуман таълимга эътибор бўлмаган 2000 га яқин маҳаллаларда жуда бўлмаса бир-иккита ўқитувчи, шифокор, муҳандис ёки бошқа олий таълим талаб қиладиган мутахассислар пайдо бўлиб, келажакда ўша ҳудудни ривожига ўз ижобий ҳиссасини қўшишни бошлашади», — дея таъкидлади вазир.

«Ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан берилган саволга, ҳурматли депутатимиз „бу демагогия ва бошқарувни билмаслик“ деб жавоб бериши менга жуда ғалати туюлди. Ушбу депутат билан боғланиб, шу масалани кенгроқ тушунтириб бермоқчи бўлдим, SMS ҳам юбордим, лекин жуда банд эканлар шекилли, сўзлашишнинг ҳеч имкони бўлмади. Шу сабабли ёзиб тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу масалада депутатларимиз ва жамоатчилик вакилларига доим очиқ тушунтиришга тайёрмиз», — деди ХТВ вазири.

Шерзод Шерматов Халқ таълими вазирлигидан таълим сифатини ошириш бўйича талаблар мавжуд бўлгандан кейин, мактаб раҳбарларидан ҳам натижаларни талаб қилиш кераклигини таъкидлади.

«Адашмасам, депутатларнинг энг асосий вазифаларидан бири бу давлат бюджетини тақсимлаш ва унинг натижадорлигини сўраш. Депутатлар томонидан ажратилган маблағлар доирасида вазирликдан таълим сифатини ошириш бўйича натижа талаб қилинганидан кейин уни мактаб директорларидан ҳам талаб қилишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди у.

«Шу вақтга қадар, ўқувчилар билимини ўлчаш бўйича аниқ объектив механизм бўлмаган. Яъни, мактаб давлат таълим стандарти бўйича билим бердими ёки йўқми деган саволга объектив жавоб йўқ. Мактаб ўқувчилари ва битирувчиларининг билимини объектив баҳолаш тизими энди яратилмоқда. „Замонавий мактаб“ лойиҳаси бўйича, мактаб фаолиятини тўлақонли баҳолаш учун 1000 баллик янги тизим ишлаб чиқилмоқда. Ҳолатни халқаро даражадаги кўрсаткичлар орқали ўрганиш учун 2022 йилда биринчи маротаба PISA синовларида ҳам қатнашамиз. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига барча мактаблар бўйича объектив рейтинг шакллантириш вазифаси ҳам юклатилган», — дея маълум қилди Шерзод Шерматов.

«Аслида, ушбу депутатимиз логикаси бўйича бизга жуда осон бўлиши керак. Ўзи, нима кераги бор, директорлардан натижа сўраб. Ундан кўра, насиб қилса натижага ишлашни комплекс баҳолаш механизмлари жорий этилгандан кейин кўрамиз деб юрсак ҳам бўлаверарди. Биз эса, ҳозирча охирги икки йилда фақат ОТМга кирганлар бўйича объектив маълумот бўлгани сабабли, жуда бўлмаса, ушбу кўрсаткичда энг паст, яъни умуман биронта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган мактаблар фаолиятини ўрганиб чиқиш бўйича ишни бошлаб юрибмиз, ўзимизга ортиқча иш орттириб… Ушбу депутатимиз таклифига кўра, йиллар давомида мактабни ўзининг шахсий мулкидек қилиб олиб, малакали ўқитувчини ишга олиш ва рағбатлантириш ўрнига таниш-билишчилик қилиши натижасида юзлаб битирувчиларидан биронтаси ҳам олий таълимга кирмаган мактаб директорига чора кўра олмасак ёки чора кўрсакда, ушбу депутатимиз таклифига кўра, улар судга бориб ютиб чиқиб, ўз ишига қайта тикланса, ундай директорлардан мамлакатимиз келажаги учун нима наф? Нима сабабдан, улар шунча битирувчисининг келажагига бефарқ бўлгани етмагандек, биз ҳам бунга бефарқ қараб туришимиз керак?», — деди ХТВ раҳбари.

Шу билан бирга Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, бу мактаб битирувчиларининг 100 фоизи ёки аксарияти ОТМга кириши шарт дегани эмас ва бундай талаб вазирлик томонидан берилмаган.

Бундан ташқари, ХТВ вазири директор ташаббускорлиги ўқувчиларнинг ОТМларга киришида ҳам муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтди ва мисол тариқасида Янгийўлдаги мактабни келтирди.

«Куни кеча Янгийўл туманидаги 45-мактабга кириб, жамоаси билан анча суҳбатлашгандим. Мактаб 1968 йилда қурилган, жуда таъмирталаб ҳамда ўқувчилари сони қувватидан икки баробар кўп бўлишига қарамай, туманда айнан шу мактаб ОТМга кириш бўйича энг яхши натижага эга. Сабаби директори жуда ташаббускор ва яхши жамоани шакллантира оладиган раҳбар экан. Ота-оналар билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиб, барча синфхоналарга овозли камералар ҳам ўрнатишибди ва дарс таҳлилини ушбу камералар орқали олиб боришар экан. Кираётганимда болалар автобусга чиқаётганини кўриб сўрасам, бу ҳам ота-оналар билан ҳамкорликда болалар учун алоҳида ташкил қилинганини айтишди. Икки нафар директор ўринбосарига бошқа мактаблардаги вакант директорлик лавозимларига номзодини ish.uzedu.uz орқали юборишни тавсия қилсам, жамоада муҳит яхши бўлганидан, улар ушбу жамоани ташлаб кетмасликларини айтишди. Бемалол ушбу директоримизга „Халқ таълими аълочиси“ кўкрак нишонини бериб, янада яхшироқ мукофотларга тавсия қилса бўлади», — деб айтди у.

Шерзод Шерматовнинг айтишича, биноси ушбу мактабникидан анча яхши бўлган ҳамда ўқувчилари сонининг мактаб қувватига нисбати камроқ бўлган қатор бошқа мактабларга кирганида, директори ишни тўғри ташкил қилмагани учун улардаги жамоа ҳам ўзаро ҳамжиҳатмаслигига ва натижа ҳам пастлигига гувоҳ бўлган. Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, ташқи факторлар бир хил бўлса ҳам, (дастур, китоблар, ажратилаётган маблағ ва ҳ.к.) мактабдаги муҳит ва натижа мактаб директорига кўп жиҳатдан боғлиқлигини айнан шу мисолларда ҳам кўрса бўлади.

«Бу депутатимизнинг интернетда анчагина машҳурлигини инобатга олиб, айтаётган гаплари қандай оқибатга олиб келишига яхшироқ эътибор қаратсалар тўғри бўлар эди. Одамларга ёқадиган гапни айтиш осон, лекин бу сўзлар ўзини устида ишламайдиган ва натижа кўрсатмайдиган директорларга ўз жойларини натижага ишлайдиган янги ғоялари бор номзодлар учун бўшатмасликка яна баҳона бўлиши мумкин, афсуски. Популизм муҳимроқми ёки фарзандларимизнинг келажакдаги муваффақияти учун директорларни ҳаракатга ундашми? Қадриятларимиз ва танловимиз икки хил экан», — деди ХТВ вазири.

Шерзод Шерматов жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари янги директорлар номзодларини кўриб чиқишда, ҳақиқий муносиб номзодларни адолатли тарзда танлаб олишларига, ҳамда танлов жараёнларини тўлиқ шаффоф равишда интернетда видео орқали ёритиб боришларига умид қилишини айтди. «Айнан янги директорларни депутатлар томонидан танлаб олиш жараёнида ОАВ ва блогерларнинг жамоатчилик назорати жуда муҳим», — деди у.

Киритилди: 11:47 01.03.2021. Ўқилди: 5186 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!