Бугун 8 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Халқ демократик партияси «Шармандали маҳалла» ва «Уятли хонадон» каби тамғалар юзасидан баёнот берди

Халқ демократик партияси «Шармандали маҳалла» ва «Уятли хонадон» каби тамғалар юзасидан баёнот берди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сўнгги пайтларда маҳаллий ҳокимларнинг фуқароларнинг хонадонларига кириб, уларга ободонлаштириш борасида турли талаблар қўяётганлиги юзасидан баёнот эълон қилди.

Хусусан, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ҳамда уй-жой дахлсизлиги каби конституциявий ҳуқуқларига раҳна солинаётгани, қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга «Уятли хонадон», маҳаллаларга эса «Шармандали маҳалла» каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар одамлар эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Партия бундай хатти-ҳаракатлар Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга мос келмаслигини маълум қилди.

Таъкидланишича, хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш эзгу ташаббус бўлса-да, бу ишлар шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонун ва инсон қадрига ҳурмат ҳамда амалий ёрдам асосида ташкил этилиши лозим.

Шунингдек, маҳаллалар ва хонадонлар ободлиги йўл, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, муҳандислик коммуникациялари ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш каби масалаларнинг самарали ҳал этилиши билан ҳам боғлиқ экани қайд этилди. Партия маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотларни ўз қонуний мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажаришга чақирди.

«Ўз ҳудудида давлат ташкилотлари томонидан амалий ғамхўрлик ва реал ўзгаришларни кўрган юртдошларимизда хонадонлар ва атроф-муҳитни обод қилишга интилиш ўз-ўзидан кучайишига ишончимиз комил», — дейилади баёнотда.

ХДП фикрича, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳамда қонунчиликда назарда тутилмаган маъмурий чораларни қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат бошқаруви тамойилларига зид.

Партия мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда фуқароларнинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини камситувчи усуллардан воз кечиб, қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга чақирди.

Киритилди: 16:18 07.08.2026. Ўқилди: 705 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!