Германиянинг учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчи Quantum Systems компанияси кенг кўламли киберҳужумга учради. Бу ҳақда Financial Times ва Der Spiegel нашрлари хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, хакерлар Мюнхенда жойлашган компаниянинг ички ахборот тизимига киришга муваффақ бўлган. Улар Quantum Vector русумли разведка дронлари парвозларини режалаштириш учун мўлжалланган дастурий таъминотга расмий янгиланиш ниқоби остида зарарли дастур жойлаштирган.
Сохта янгиланиш Германия Қуролли кучлари — Бундесвер ҳамда компаниянинг бошқа мижозлари серверларига ҳам тарқалган. Зарарли дастур навбатдаги текширув жараёнида аниқланган.
Киберҳужум оқибатида Германия армияси Quantum Systems томонидан ишлаб чиқарилган барча учувчисиз учиш аппаратларининг парвозларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.
Quantum Systems Германия армиясини бир неча турдаги дронлар билан таъминлайди. Компания бир неча йилдан буён Украинага ҳам учувчисиз аппаратлар етказиб келмоқда. Шунингдек, Украина ҳудудида унинг ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшма корхоналари фаолият юритади.
Компания вакиллари октябрь ойи охирида "душманона субъектлар томонидан фаол киберҳужум" амалга оширилганини тасдиқлаган. Бироқ ҳозирда дронлардан фойдаланиш хавф туғдирмаслигини маълум қилган.
Германия расмийларига кўра, киберҳужум ташкилотчиларининг шахси ҳозирча аниқланмаган.