Анталиянинг Ўрта ер денгизи соҳиллари нафақат мароқли дам олиш маскани, балки йирик халқаро спорт тадбирлари учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади. Turkish Airlines Open ва Аланя триатлони каби мусобақалар шаҳарнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини мустаҳкамлаб келмоқда. Энди эса соҳил футболи бўйича халқаро клублар ўртасидаги World Winners Cup 2026 турнири етти йиллик танаффусдан сўнг яна Аланяга қайтмоқда. Турнир 26-октабрдан 1-ноябргача Аланя халқаро соҳил спорти марказида бўлиб ўтади. Ушбу марказ яқинда Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) томонидан Халқаро мукаммаллик маркази (ICoE) мақомига сазовор бўлди. Мусобақа Beach Soccer Worldwide (BSWW) ташкилоти ва шаҳар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
World Winners Cup 2026 мусобақасида беш қитъадан келган 44 та клуб ғолиблик учун кураш олиб боради. Эркаклар ва аёллар жамоалари бир ҳафта давомида ўзаро беллашади. 3 300 томошабинга мўлжалланган трибуналар ва тўртта асосий мусобақа майдонига эга спорт марказида иштирокчилар ҳамда томошабинлар учун зарур шароитлар яратилган. Замонавий ёритиш тизимлари учрашувларни кечки пайтда ҳам ўтказиш имконини беради.
Ҳар йили қарийб 800 нафар спортчи, жамоа вакили ва журналистни бирлаштирадиган World Winners Cup Аланянинг халқаро спорт тадбирлари тақвимида муҳим ўрин тутади. Мусобақа учрашувлари 100 та мамлакатда жонли эфирда намойиш этилади. Бу эса турнирни халқаро аудиторияга етказиш имконини беради.
Бу йилги мусобақага яна бир ўзига хос руҳ бағишлайдиган сана – 29-октабр, Туркиянинг муҳим миллий байрами Республика куни. Ушбу кун ҳам беллашувлар бўлиб ўтади. Натижада спорт шукуҳи ва миллий байрам тантаналари уйғунлашиб, Аланяда унутилмас ҳафтага замин яратади.
Аланя – Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ва спорт маркази
Анталиянинг шарқий қисмида жойлашган Аланя Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ҳудудларидан бири бўлиб, мафтункор соҳиллари, мусаффо денгизи ва замонавий меҳмонхоналари билан танилган.
Ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этадиган Аланя, айни пайтда, Анталия спорт туризмининг энг муҳим марказларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ҳудудда спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда Аланя триатлон, велопойга ва бошқа халқаро мусобақаларга мезбонлик қилмоқда. Жорий йилги тақвимдан 24 та халқаро спорт тадбири ўрин олган.
Қулай иқлим шароити, спорт иншоотлари ва халқаро мусобақалар Аланянинг Европа ҳамда Ўрта ер денгизи минтақасидаги соҳил спорти марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.