2023 йил 1 октябрда Ўзбекистонда «Wiki loves monuments» (Вики ёдгорликларни севади) ёдгорликларни севади халқаро фототанлови бошланди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон танловда илк бор иштирок этмоқда.
«Wiki loves monuments» (WLM) — сентябрь-октябрь ойларида турли мамлакатлардаги Викимедиачилар томонидан ўтказиладиган йиллик халқаро фототанлов. Мақсад тарихий меъморий меросга эътибор қаратишдир.
Танловда иштирок этиш учун 2023 йил 1 октябрдан 31 октябргача Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини суратга олишингиз ва уларни «Wikimedia Commons»га юклашингиз керак.
Ўзбекистоннинг танловда иштирок этишидан мақсад республиканинг маданий меросига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ва туризмни ривожлантиришдан иборат. Танловнинг Республика босқичи Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, «Викимедиа» фонди ва UNESCO кўмагида Россиянинг «ВикиГид» жамияти аъзолари билан биргаликда ўзбекзабон викимедиачилар гуруҳи томонидан ташкил этилди.
Энг яхши фотосурат муаллифлари сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Танловнинг Ўзбекистонда ўзбек, рус, инглиз ва қорақалпоқ тилларида ўтказилиши шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Халқаро танловда иштирок этувчи мамлакатларнинг тўлиқ рўйхати билан эса мана бу ҳавола орқали танишасиз.