Мадриднинг «Реал» клуби қанот ҳужумчиси Винисиус Жуниор жамоадошларига ўз ўйинидаги пасайиш оптимал жисмоний ҳолатда эмаслиги билан боғлиқ эканини айтди. Шу сабабли унинг ўйини аввалгидек жадал ва портловчан эмас. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, «қаймоқранглар» раҳбарияти 25 ёшли футболчининг ҳолатига тушуниш билан ёндашмоқда. Бироқ жамоанинг умумий ўйиндаги пасайиши натижаларга ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани клубни ташвишга солмоқда. Қайд этилишича, Винисиус юзага келган вазиятда хотиржамликни сақламоқда ва у оптимал жисмоний ҳолатга қайтган заҳоти «ҳаммаси ўзгаришини» яхши тушунади.
Жорий мавсумда бразилиялик футболчи барча мусобақаларда 22 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 7 та голли узатма муаллифи бўлди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган.