Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Видео: Қашқадарё ҳокими қабулида бўлган онахон номаълум сабабга кўра қизи томонидан таҳқирланди

Видео: Қашқадарё ҳокими қабулида бўлган онахон номаълум сабабга кўра қизи томонидан таҳқирланди

Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев қабулида бўлган онахон номаълум сабабга кўра қизи томонидан таҳқирланди. Бу ҳақда қашқадарёлик блогер Ҳусан Комилжоновнинг Telegram каналидаги видео маълум қилди, деб ёзади "Дарё".

Қайд этилишича, Қарши шаҳридаги 18-сонли ётоқхонада истиқомат қилувчи ногиронлиги бор оиланинг кекса ёшли аъзоси Қарши шаҳар ҳокимлигида туриб, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан Zoom орқали мулоқот қилган ва оилага икки хонали уй қуриб берилишини сўраган.

Мулоқот давомида сўз олган Қарши шаҳар ҳокимлиги вакили Ораста Тошева вилоят раҳбарига маълумот бериб, 2020—2021 йилларда Қарши шаҳар ҳокимлиги ва ҳомийлар тарафидан ушбу оилага 56 миллион 500 минг сўмлик моддий ёрдам, уй-жой қуриш учун 2 сотих ер ва яқинда оиланинг бўйи етиб қолган қизининг тўйи учун озиқ-овқат маҳсулотлари берганлигини, кекса онахонга эса ногиронлик аравачаси ва гигиена маҳсулотлари етказилганини очиқлаган.

«Вилоят ҳокими ишчи гуруҳ тузиб, вазиятни батафсил ўрганишини, шунингдек, онахонни давлат васийлигига олиб яхши парвариш қилиш лозимлиги ҳақида унинг қизига таклиф билан чиқди», — дейди блогер Ҳусан Комилжонов.

Қизи томонидан таҳқирланган кекса она ҳолатини видеога олган Қарши шаҳар ҳокимлиги масъули онахонга қилинган ҳолат биринчи маротаба эмаслигини, фуқаро Озода Ҳимматова бундан аввал ҳам шу ҳаракатларини амалга оширганини айтмоқда.

«2021 йилнинг 25- ёки 26 июль куни эди. Озода Ҳимматова шаҳар ҳокимлигига келиб, онам Тошкентда ўлиб қолди, ўлигини олиб келай деб 2 миллион сўм пул сўради. Биз ҳам оилага, онахонга ачинганимиздан хайрия пулларидан 2 миллион сўм пул бердик. Сўнгра аввал Соғлиқни сақлаш вазирлигига кейин ТошМИга қўнғироқ қилиб, онахон ҳақида суриштирдик. Шифохонадагилар онахоннинг тирик эканини айтишди. Фуқаронинг хатти-ҳаракатидан жуда ранжидик», — дейди «Дарё» мухбирига бу ҳақда гапириб берган масъул.

Видеони суратга олган ва вазиятни изоҳлаган масъулнинг айтишича, қиз онасини вилоят раҳбаридан эплаб пул сўраб ололмагани учун таҳқирлаган.

«Биз шу даражага етиб келдикми? Наҳотки шу онахонни зулмкорлар қўлидан оладиган давлатнинг бирорта идораси бўлмаса? Видеони кўриб юрагим эзилиб кетди. Эссиз она...», — дейди блогер Ҳусан Комилжонов.

Блогернинг қўшимча қилишича, видео масъул ташкилотларга ҳам юборилган. Фуқаронинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.

Киритилди: 10:50 01.08.2021. Ўқилди: 3077 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!