Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Prohuman рекрутинг компанияси бош директори Агнес Тот ва хизматлар бўйича директори Эндре Ковач билан музокаралар ўтказди.
Prohuman Венгриянинг юқори, ва ўрта-қуйи квалификацияли ходимларини, шунингдек, IT, тиббиёт ва автомобилсозлик соҳаларида юқори малакали мутахассисларни жалб қилишга ихтисослашган етакчи рекрутинг ташкилотларидан биридир. Ҳозирги кунда компания Венгрия ва бошқа мамлакатларда 12 мингга яқин кишини муваффақиятли иш билан таъминламоқда.
Музокаралар давомида Венгрияга Ўзбекистондан турли квалификацияли ишчилар ва мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Компания раҳбарлари мамлакатда Венгрия меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитишни ташкил этишни таклиф қилишди.
Мазкур ҳамкорлик меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон фуқаролари учун ишга жойлашиш ва касбий ўсиш бўйича янги истиқболларни яратади.