Жанубий Корея терговчилари ҳокимиятдан четлатилган президент Юн Сок Ёл қўриқчилари билан кўп соатлик қарама-қаршиликдан сўнг уни ҳибсга олиш ниятидан воз кечишди.
"Бизнинг фикримизча, доимий қаршиликлар туфайли Юн Сок Ёлни ҳибсга олишни иложи йўқ. Айбланувчи томоннинг бундай муносабатидан чуқур афсусдамиз", дейилади Жанубий Кореянинг Коррупция бўйича тергов бюроси баёнотида.
Президент Юнни ҳибсга олишга ордер шу ҳафта бошида Сеул туман судларидан бири томонидан чиқарилган эди. Юннинг адвокатлари ҳибсга олиш ордерини ҳам, ҳибсга олишга уринишни ҳам ноқонуний деб билишларини айтишган.
3 январ куни эрталаб терговчилар гуруҳи Юнни ҳибсга олиш учун унинг қароргоҳига боришди, бироқ президент хавфсизлик хизмати ходимлари уларни тўхтатиб қолишди.
BBC мухбирларининг воқеа жойидан хабар беришича, терговчилар гуруҳи президент қароргоҳи олдида тўпланган Юн Сок Ёл тарафдорларининг "Биз ғалаба қозондик!" деган ҳайқириқлари остида қароргоҳни тарк этган.