Будапешт Европа Иттифоқига Россия Федерацияси активларини 3 йил муддатга музлатишга рухсат бермади (энди ЕИ бу қарорни ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиши керак). "Шунингдек, Венгрия Украинага аввалроқ эълон қилинган кредитнинг берилишини шубҳа остига қўйди", деб хабар берди Euronews телеканали. Европа Иттифоқининг қолган давлатлари Россия активларини музлатиш муддатини узайтириш ва Украинага 35 миллиард евро ажратиш қарорини қўллаб-қувватлади.
"Биз бу масала Қўшма Штатлардаги сайловлардан кейин ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз. Биз бўлажак АҚШ маъмурияти бу масалада қайси йўналишда ҳаракат қилишини кўришимиз керак", — деди Венгрия молия вазири Михай Варга. Унинг сўзларига кўра, Оқ уй сайловлардан кейин икки йўлни танлаши мумкин: тинчликни тиклаш ёки “урушни давом эттириш”.