Венгрия суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Виктор Орбаннинг кичик укаси Арон Орбанни бир ой муддатга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди.
Бу ҳақда Будапешт шаҳар судининг расмий вакили Герге Бозо маълум қилган.
Қайд этилишича, Арон Орбан «таъсир доираси билан савдо қилиш» ва ноқонуний миграцияга кўмаклашишда гумонланмоқда.
Суд қарорига кўра, унинг эҳтимолий шерикларидан бирига нисбатан ҳам худди шундай эҳтиёт чораси қўлланилган. Иш бўйича яна бир гумонланувчи уй қамоғига олинган, тўртинчиси эса озод қилинган.
«Суд ишдаги барча шахсларга нисбатан гумонларнинг асосли эканига шубҳа қилмайди. Уч нафар гумонланувчига нисбатан мажбурлов чораларини қўллашда суд уларнинг яшириниши ва одил судловдан қочишга уриниши мумкинлигини инобатга олди. Шунингдек, суд айбланаётган жиноятнинг оғирлик даражаси, айб исботланган тақдирда тайинланиши мумкин бўлган қаттиқ жазо ҳамда гумонланувчиларнинг кенг халқаро алоқаларини ҳам ҳисобга олди», — деди Бозо.
Тергов версиясига кўра, Арон Орбан ва унинг шериклари пул эвазига Вьетнам фуқароларининг Европага кўчиб ўтишига ёрдам берган. Улар Венгрия элчихоналари орқали Шенген визаларини расмийлаштиришга кўмаклашган. Тахминларга кўра, 2024 йилда 100 нафардан ортиқ киши бундай хизматлардан фойдаланган.
Арон Орбан 9 ноябрь куни қўлга олинган. У кўрсатма берган, бироқ айбини тан олмаган. Унинг адвокати эса ҳибсга олиш учун етарли далиллар мавжуд эмаслигини билдирган.
Виктор Орбаннинг ўзи мазкур ишни сиёсий таъқиб деб атаб, ҳокимият вакиллари ўз рақибларини сиёсий майдондан четлатишга уринаётганини таъкидлаган.