Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан Аляскада АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича музокаралари бўлиб ўтиши фонида эълон қилинган баёнотни имзолашдан бош тортди. Бу ҳақда Орбан ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги cаҳифасида маълум қилди.
Европа Иттифоқига аъзо қолган 26 давлат етакчилари эса қўшма баёнотни имзолади.
Баёнотда, “давлатлар чегаралари куч билан ўзгартирилмаслиги керак”лиги таъкидланган. ЙИ мамлакатлари Украинанинг ўз келажагини мустақил белгилаш эркинлиги бўлиши кераклигини қайд этади ва “Украинанинг ўзини самарали ҳимоя қилиш қобилияти келажакдаги ҳар қандай хавфсизлик кафолатининг ажралмас қисми” эканини билдиради. Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш, Россияга қарши санкцияларни сақлаб қолиш ва янгиларини жорий этишга ваъда беради.
Ҳужжатда, шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилишга асосланган ҳолда Украинада адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатишга чақириқ ҳам бор.