Васиятнома ҳақида гапиришдан олдин Ворислик ҳақида қисқача тушунтириш бериб ўтсак.
Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
Мерос таркибига нималар киради? Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
— юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
— ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
— алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
— меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
— мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.
Васият бу фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.
Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.
Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.
Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб тайинлаган шахсларга, ўз навбатида вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкни муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда фуқаролик судларда мерос низолари билан боғлиқ фуқаролик ишлари жуда ҳам кўпайиб кетган. Айниқса фуқаро ўз мулкини тириклик вақтида ҳал қилмаслиги натижасида фарзандлар ўртасида мерос мулкини тасдиқлаш бўйича келишмовчиликлар келиб чиқмоқда.
Агар фуқаролар ўзларига тегишли бўлган мол-мулкини бирон бир кишига васият қилиб қолдирган тақдирда кейини низоларни олдини олган бўлар эди.
Ҳумоюн Эсонов,
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси