Газета манбаларига кўра, дастлабки музокаралар доирасида АҚШ ва Эрон якуний келишувга эришилган тақдирда Эронни тиклаш учун халқаро инвестиция жамғармасини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Эронлик мансабдор ва бир дипломат унинг ҳажмини 300 миллиард долларга баҳоламоқда. Бироқ музокараларда воситачилик қилаётган бошқа расмийлар бу рақамларни тасдиқламади.
"Эрон давлат хизматчиси буни якуний битим имзоланган тақдирда, Теҳронга ваъда қилинган “қайта қуриш дастури” деб атади. Аввалроқ Эрон музокараларда бомбардимонлар етказган зарар учун товон пули талаб қилган, айрим эронлик расмийлар бу зарарни 300 миллиард доллардан 1 триллион долларгача баҳолаган эди", дея қайд этади NYT.
Ушбу таклиф АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер томонидан илгари сурилган ғояларнинг ривожланишидир, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Теҳрон вакиллари аввалроқ Вашингтон томонига сармоя киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун АҚШ компанияларига, жумладан, йирик нефт ва энергетика корхоналарига Эрон бозорига киришга рухсат беришни таклиф қилган.
Шу билан бирга ҳозирда музокаралари давом этаётган АҚШ ва Эрон ўртасидаги дастлабки келишув Эроннинг хориждаги маблағларининг бир қисмини музлатишдан чиқаришни ҳам назарда тутиши мумкин. Теҳрон уларнинг ҳажмини 24 миллиард долларга баҳоламоқда, шундан 20 миллиард доллари Яқин Шарқда блоклаб қўйилган.