Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон ва Польша ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз икки йиллиги ҳамда Наврўз байрами муносабати билан Варшавада "Ўзбекистон польшалик болалар нигоҳида" мавзусида расмлар танлови ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Танлов 1876-1896 йилларда Самарқанд шаҳрида яшаган саёҳатчи, Марказий Осиё маданияти тадқиқотчиси, фотограф ва этнограф Леон Баршевскийнинг набираси Игор Строецкий билан ҳамкорликда Варшавадаги Зигмунт Ян Румла номидаги шаҳар кутубхонасида ташкил этилди.
Унда Польшадан 50 дан ортиқ жажжи мўйқалам соҳиблари ўз ижод намуналари билан қатнашди.
Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Польша тадқиқот институтлари, музей ва кутубхоналари ва етакчи ОАВ вакиллари қатнашдилар.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ходимлари тадбир аввалидаги маърузаларида Ўзбекистон ва Польша ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган 32 йил давомида ўзаро алоқалар деярли барча соҳаларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида изчил ривожланиб келаётганини таъкидладилар. Ўтган тарихан қисқа даврда Ўзбекистон ва Польша ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилди. Шунингдек, ўзбек ва поляк халқларини кўҳна тарих ва муштарак маданият бир-бири билан чамбарчас боғлаб туриши таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон билан ҳаёти боғлик бўлган саёҳатчи, фотограф ва этнографчи Леон Баршевский, генерал Владислав Андерс армияси ва Анна Герман хотираси ёдга олинди.
Иштирокчилар эътиборига мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган видеолавҳа тақдим этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда "Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланаётгани маълум қилинди.
Тадбир якунида "Ўзбекистон польшалик болалар нигоҳида" расмлар танлови ғолибларига элчихона томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.