Бугун 14 апрель, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ўзсаноатқурилишбанк биринчилардан бўлиб ESG ва барқарор ривожланиш сиёсатини ишлаб чиқди

Ўзсаноатқурилишбанк биринчилардан бўлиб ESG ва барқарор ривожланиш сиёсатини ишлаб чиқди

Ўзсаноатқурилишбанк тизимида молия-банк соҳасида биринчилардан бўлиб ESG ва барқарор ривожланиш сиёсати тасдиқланди. Бу билан банк глобал экологик ва ижтимоий дастурларни янада фаол қўллаб-қувватлашга киришди.

Президентимиз томонидан 2023 йил 31 июлда қабул қилинган “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий қилиш белгиланган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) ҳамда ESG тамойилларини жорий қилиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган. Фармонга асосан шу йил 1 июлдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида очиқлик даражасини кескин ошириш ва корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш мақсадида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик солиқ тўловчилар CSR ва ESG ҳолати тўғрисида ҳар йили 1 июлга қадар ҳисоботни жамоатчиликка ошкор этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган ESG ва барқарор ривожланиш сиёсати банк учун мижозлар, инвесторлар, акциядорлар, ҳамкорлар, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари билан “яшил” иқтисодиёт мезонлари доирасида ҳамкорлик қилишда дастуриламал бўлади.

– ESG тамойиллари асосида иш юритиш ёрқин келажак учун муҳим пойдевордир, шу боис хорижий инвесторлар компанияларни танлашда ушбу жиҳатга устувор аҳамият бермоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Абдураҳмонов. – Давлатимз раҳбари томонидан қабул қилинган юқоридаги ҳужжатларга кўра жорий этилаётган ЕSG тамойиллари муассасага истиқболли инвесторларни жалб қилишда муҳим роль ўйнайди.

Шунингдек, банкнинг ESG ва барқарор ривожланиш сиёсати юртимизда “яшил” лойиҳаларни фаол равишда молиялаштириш ва шу асосда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитга тарқаладиган салбий чиқиндиларни камайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Сиёсатга кўра, экологик, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги умумжаҳон миқёсда кузатилаётган глобал муаммолар ечими ўрганилиб, улар банкнинг яқин ва узоқ муддатли барқарор ривожи йўлида кенг қўлланилади.

Киритилди: 14:24 02.04.2024. Ўқилди: 713 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!