Бугун 26 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

“Ўзбеккосмос” агентлиги фаолиятига оид янги ҳужжатлар моҳияти тушунтирилди

“Ўзбеккосмос” агентлиги фаолиятига оид янги ҳужжатлар моҳияти тушунтирилди

АОКАда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги масъул ходими Нодирбек Муқимов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 октябрь куни Президентимиз томонидан “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун имзоланди.

Шартномага қўшилиш Ўзбекистон учун бир қатор халқаро космик ҳуқуқларни тақдим этади. Хусусан, ҳеч қандай дискриминациясиз космик фазо ва самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан тинч мақсадларда фойдаланиш, ортиқча тўсиқларсиз эркин тарзда илмий тадқиқотлар ўтказиш, бу борада давлатлараро тенгликка эга бўлиш, учирилган космик объектлар ва уларнинг экипажлари устидан юрисдикция ҳамда назоратни сақлаб қолиш, космик соҳада фаолият юритувчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали технологиялар трансферини жадаллаштириш каби кўплаб нормалар шулар жумласидан.

Қонун мамлакатимизнинг космик соҳадаги ҳуқуқий тизими халқаро умумэътироф этилган принциплар ва нормаларга асосланган ҳолда ривожланаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 14 октябрь санасида давлатимиз раҳбари “2024 — 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга ҳам имзо чекди. Мазкур ҳужжатда давлат космик мониторингининг қатор устувор йўналишлари яъни, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, у ерда бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш, ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш каби масалалар белгиланди.

Шунингдек, мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатлари, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш, сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб бориши, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш каби жиҳатлар ҳам эътиборга олинди.

Фармонга мувофиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази билан ҳамкорликда 2025 йил 1 майга қадар «Space Gov Monitoring» марказлашган ягона платформаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар учун соҳавий тегишлилиги бўйича суб-платформаларни яратишда иштирок этади. Давлат космик мониторинги доирасида аниқланган барча маълумотлар мазкур платформага жойлаштирилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 мартдан бошлаб ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил «Геомониторинг» ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.

Киритилди: 10:22 05.11.2024. Ўқилди: 513 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!