Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йилнинг дастлабки 9 ойи ҳисоби бўйича 29,3 миллиард долларни ташкил қилди, деб хабар беради Марказий банк. Йил бошига нисбатан у 19,7 фоизга ёки 4,8 миллиард долларга ошган.
«Ушбу жараён COVID-19 вирусининг тарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.
Ташқи қарз давлат ва хусусий ташқи қарзларидан таркиб топган. Уларнинг биринчиси 18,7 миллиард долларни ташкил этса, (2,9 миллиард долларга ошган), иккинчиси 10,6 миллиард долларга етган (1,9 миллиардга ошган).
Шунингдек, ўрганилаётган давр мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 454,8 миллион доллар миқдордаги асосий қарз ва 263,4 миллион доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.
Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 1,3 миллиард доллар ва фоиз тўловлари бўйича 242,1 миллион долларни ташкил қилди. Бунда, асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини ҳанузгача нефть-газ ва энергетика сектори корхоналари ҳамда банклар амалга оширмоқда.