Бугун 3 октябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонга 8 ой ичида 7,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди

Ўзбекистонга 8 ой ичида 7,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,5 миллионга ёки 49,1 фоизга кўпдир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонга 7,5 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Энг кўп туристлар Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган. Қирғизистондан келган сайёҳлар сони 2,16 миллион нафарга етди, бу 48,9 фоиз ўсиш демакдир. Қозоғистондан 1,769 миллион киши (+73,5 фоиз), Тожикистондан эса 1,699 миллион нафар турист (+15,6 фоиз) келган. Россиядан ташриф буюрганлар сони 25 фоизга ошиб, 663,2 минг нафарга етди.

Афғонистон сайёҳлари биринчи марта йирик ўнликка кириб, 304,5 минг киши билан бешинчи ўринни эгаллади. Туркманистондан келган 243,5 минг меҳмон эса олтинчи ўриндан жой олди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробардан кўп ўсган.

Узоқ хориждан келганлар орасида Хитой етакчи бўлди — 135,4 минг сайёҳ, бу бир йил аввалгига нисбатан уч баробардан кўпдир. Туркиядан келганлар сони 113,1 минг нафарга етган бўлса-да, рейтингда саккизинчи ўринга тушди. Шунингдек, Ҳиндистондан 42,2 минг, Жанубий Кореядан эса 30 минг турист ташриф буюрган.

Сайёҳларнинг катта қисми — 5,16 миллион киши — қариндошларини йўқлаш учун келган. 1,15 миллион хорижлик дам олиш ва саёҳат учун, 837,5 минг нафар хизмат сафари учун, 287,7 минг киши эса тижорат мақсадларида келди. Бундан ташқари, 62 минг киши даволаниш учун, 14,2 минг нафар хорижий талабалар эса таълим олиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Киритилди: 12:55 30.09.2025. Ўқилди: 538 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!