Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога вилоят ИИБ изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқандда бир эркак икки нафар қизни машинасига мажбурлаб ўтқазишга урингани акс этган видео тарқалганди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, воқеа 1 октябрь куни соат 16:00 ларда Самарқанд шаҳар A.Темур маҳалласи ҳудудида юз берган. Унда 2002 йилда туғилган фуқаро M.И. ўзига таниш бўлган фуқаро аёл билан сайр қилиб юрган вақтида улар ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.
Фуқаро M.И. мазкур келишмовчиликни ҳал қилиш мақсадида аёлга автомашинага ўтиришни таклиф қилган, бироқ фуқаро аёл бунга рози бўлмагач, уни мажбуран автомашинага ўтқазишга уринган.
Олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида фуқаро аёл мазкур ҳолат бўйича йигитга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан фуқаро эркакка нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган.