Бугун 4 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистондаги "Буюк Хитой девори" ахлат билан “ўраб олинган”

Ўзбекистондаги "Буюк Хитой девори" ахлат билан “ўраб олинган”

Туризм XXI асрда дунё давлатлари миллий иқтисодиётининг локомотивига айланиб бормоқда.

Айнан, бугунги туризм саноатининг пойдевори ер ости ва ер усти табиий бойликларига эмас, балки аждодлар тафаккури, бой тарихий-маданий мероси тамаддуни ҳисобига ўрнатилаётгани бежизга эмас.

Чунки табиий ресурслар абадий эмас, аммо аждодлар ақл-закоси, бой мероси худди олмосга ўхшайди. Қанча сайқалланса, шунча қадри ошиб бораверади.

Айнан, “Туризм тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунда ҳам туризмни ривожлантиришда бевосита иштирок этиш, маданий мерос объектларини тарғиб қилиш, соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириши ҳамда амалиётдан келиб чиқиб, туризмни ривожлантириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар бериш белгиланган.

Навоий вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан фаол нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фидоий ёшлардан иборат “Маданий ёдгорликлар давлат ҳимоясида” велосаёҳатчилар гуруҳи ўзининг илк велосаёҳатини Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган Канпирдевор маданий ёдгорлигидан бошлади.

КАНПИРДЕВОР ҚАНДАЙ ЁДГОРЛИК? 

Маҳаллий халқ тилида “Канпирдевор”, “Девори Канпирак” номи берилган қалъа деворлари V-VI асрларга оид бўлиб, бугунги кунда баъзи тадбиркорлар томонидан қалъа пахса деворлари бузилаётгани, ғишт қуйиш, иссиқхоналар учун унумли тупроқ сифатида талон-торож қилинаётгани бўйича адлия бошқармасига оғзаки мурожаат келиб тушган. 

Ваҳоланки, мазкур ноёб ёдгорлик 2011 йилда археологик қазишмалар олиб борган хорижий олимлар томонидан мемориал композицияси, мудофаа салоҳияти бўйича қадим Хитой деворига тенглаштирилган.

Велосаёҳат давомида ҳақиқатда тарихий ёдгорлик қаровсиз ҳолатда эканлиги аниқланди.

Ҳозирга қадар маданий ёдгорлик кадастр рўйхатига киритилмаган, муҳофаза белгилари ўрнатилмаган.

Бепарволик оқибатида қалъа харобалари маҳаллий ғишт қуювчи, иссиқхоналар учун унумли тупроқ макони, тадбиркорлар учун текин хомашё майдони “рўйхатига киритилган”, маданий ёдгорлик муҳофаза белгилари билан эмас, аҳоли томонидан ташланган ахлат уюмлари билан “ўраб олинган”, қалъа деворлари консервация қилиш тугул, бульдозер ва юк машиналари излари билан “текисланган”.

Ачинарлиси, сайёҳлар қатнайдиган М-37 халқаро автомагистрал ёқасида жойлашган, қадим Бухоронинг 430 километр ҳудудини ўраб олган Буюк Хитой деворига ўхшаган маҳобатли Кампирак деворининг халқаро археологик экспедиция томонидан ўрганилган қисми рўйхатга киритилмаган.

Археологик ёдгорликнинг туман, вилоят, мамлакат, халқаро аҳамиятга эгалиги – мансублик даражаси ҳам белгиланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят молия бошқармаси, вилоят маданий мерос бошқармасига соҳага оид қонунчиликка амал қилиш, акс ҳолда, белгиланган тартибдаги жавобгарлик ҳақида огоҳнома киритилди.

Шунчаки, туризм соҳасида мавжуд имкониятлардан оқилона фойдалана олсак, “Йўқдан бор қилиш эмас, борини йўқ қилмаслик” принципига қатъий амал қилсак бўлгани.

Бугун мамлакатимизда туризм масаласи шахсан давлат раҳбари назоратида экан, миллий тарихимиз ва бой қадриятларимиздан дунёни ҳайратда қолдиришдек улкан масъулият зиммамизда турибди.

Буюк Ипак Йўли чорраҳасида жойлашган Кампирдевор харобалари бизга қарата: “Қадим Бухоронинг V-VI асрлардаги чегараларини аниқлаб берувчи Ўзбекистонда сақланиб қолинган ягона иншоотман. Тарихий ёдгорликман”, дея жавраётган мурожаатидан уйғонайлик.

Ҳа айтганча, биз Канпирдевор қалъаси харобаларини ўз кўзимиз билан кўриш учун атайин велосипедда 114 км. масофани босиб ўтдик.

Йўлда бўлсин, чўлда бўлсин, учраган ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб-авайлаши, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида эканлиги, аждодлар меросида келажак авлоднинг ҳам ҳаққи борлигини айтиш учун уриндик.

Маданий ёдгорлик билан боғлиқ реал вазиятни кўзимиз билан кўриш, велосипед завқидан баҳраманд бўлишни ният қилдик.

Кейинги манзилимиз Франциянинг Ласко, Испаниянинг Алтамир қоятош суратларидан асло кам бўлмаган очиқ осмон остидаги музей.

Жонибек ШУҲРАТОВ,

Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

 

ЎзА

Киритилди: 14:03 24.07.2019. Ўқилди: 2740 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!