Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистонда хусусий мактаблар учун янги имтиёзлар жорий этилади

Ўзбекистонда хусусий мактаблар учун янги имтиёзлар жорий этилади

Ўзбекистонда хусусий мактаб ва техникумлар тармоғини кенгайтириш учун тадбиркорларга қатор янги имтиёзлар берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида "Янги Ўзбекистон" университетида соҳа вакиллари билан учрашувда таълим тизимидаги янги чора-тадбирларни маълум қилди.

Хусусан, мактабларда ўқувчи ўрнига талаб юқори бўлган 52 та туманда хусусий таълим муассасаси ташкил этган тадбиркорларга 7 йил муддатга 10 фоизли имтиёзли кредит ажратилади.

Шунингдек, мактабни очиш ва жиҳозлаш учун сарфланган харажатларнинг 15 фоизигача, бироқ 1,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда субсидия бериш режалаштирилган. Биносини хусусий мактаб учун ижарага берган мулк эгалари эса ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар олади.

Барча туманларда фойдаланилмаётган давлат биноларини хусусий мактаб ташкил этиш учун 10 йилга бепул ижарага бериш ҳам кўзда тутилган. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг ярми давлат томонидан қопланади.

Янги имкониятлар хусусий техникумларга ҳам татбиқ этилади. Саноат, сервис ва инфратузилма каби иқтисодиёт учун муҳим соҳаларга мутахассис тайёрлайдиган нодавлат техникумларда келаси ўқув йилидан талабаларнинг 50 фоизига давлат гранти ажратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, хорижий таълим дастури ёки франшизасини олиб кириш харажатларининг 75 фоизи қоплаб берилади. Ўқув лабораториялари ҳамда зарур жиҳозларни импорт қилишда божхона тўловлари бўйича ҳам енгилликлар берилади.

Президент келтирган маълумотга кўра, жорий йилда биринчи синфга 800 минг нафар бола қабул қилинган. Бу ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб эса биринчи синф ўқувчилари сони 1 миллионга етиши прогноз қилинмоқда. Давлат инвестиция дастурлари ҳисобига ҳар йили 180–200 мингта янги ўқувчи ўрни яратилаётгани қайд этилди.

Киритилди: 16:02 30.09.2026. Ўқилди: 497 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!