Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббалар ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбормаслик тўғрисида огоҳлантиради.
Бу каби ҳуқуқбузарликлар Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддаси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 24-моддалари бузилишига олиб келади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бароваридан 5 бароваригача (1 млн 236 минг сўмдан 2 млн 60 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 5 бароваридан 10 бароваригача (2 млн 60 минг сўм — 4 миллион 120 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бароваридан 7 бароваригача (2 миллион 60 минг сўм — 2 млн 884 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 10 бароваридан 15 бароваригача (4 млн 120 минг сўм — 6 млн 180 минг сўм) миқдорда жарима солинади.
Диққат! Ўсимлик қолдиқларини ёқиш натижасида атмосферага ис гази, углерод оксиди каби зарарли моддалар ажралиб чиқади. Бу эса нафақат экология, балки инсонлар саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиради.
Дала ва аҳоли пунктларида ангиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқманг! Унутманг, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир!