Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали у билан кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкин бўлади.
Шу муносабат билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини яратиш кўзда тутилган. Марказий банк ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиевнинг билдиришича, реестрга киритилган шахс кейинчалик банклардан кредит олишни хоҳласа, қайта ариза беради ва кредит олади.
Мажлисда депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабарисиз кредитларни уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредитларни ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, кредит бюролари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистонда 1 ноябрдан 2025 йил 1 апрелгача банкларда онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб йўлга қўйилган. Унга кўра, кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади. Шу билан бирга, фуқаро томонидан кредит олишга ариза юборилгандан сўнг унинг кредит тарихи икки босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) ўрганилади. Текширув натижасига кўра, мижознинг қарз юки ошгани ёки муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.