Бугун 20 август, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистонда инсулт ва инфарктга олиб келадиган касалликлар кўпаймоқда

Ўзбекистонда инсулт ва инфарктга олиб келадиган касалликлар кўпаймоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари бу борада шу йил 7 майда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида топшириқ берган эди. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари, аҳоли ва хусусий сектор вакиллари иштирокида қатор таклифлар тайёрланди.

Бугун касалликларни даволашда катта юклама республика муассасаларига тушмоқда. Шу боис вилоят ва туман миқёсида хизматларни кенгайтириб, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда 1500 та клиник протокол халқаро талабларга мослаштирилади ва стандарт жарроҳлик амалиётлари ишлаб чиқилади. Энг кенг тарқалган касалликлар бўйича беморлар маршрутлари ишлаб чиқилади ва рақамлаштирилади.

Ўзбекистонда инсулт ва инфарктга олиб келадиган касалликлар кўпаймоқда

Тамила Алиева, Президент администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари

Сўнгги йилларда инсулт ва инфарктга олиб келадиган гипертония, юрак ишемик касаллиги ва қандли диабетнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бундай ҳолатларнинг 85 фоизи ногиронликка олиб келмоқда.

Шу боис бирламчи бўғинда сунъий интеллектни кенг қўллаган ҳолда ушбу касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича янгича протокол ва ёндашувларни жорий қилиш таклифи билдирилди. Жумладан, ЭКГ-телеметрия, телемедицина, тромболизис терапия, стентлаш ва тромбоэкстрация йўлга қўйилади. Инсулт белгиларини эрта аниқлаш алгоритмини оммалаштириш ва аҳолига ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади.

Неврологик касалликлар ва инсултни самарали даволаш мақсадида Миллий неврология ва нейрореабилитация тиббиёт маркази ташкил этилади. Марказ учун Тошкент шаҳрида 250 ўринли замонавий бино қурилади, унда йилига 3 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти бўлади.

Марказ ҳамда Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Япониялик ҳамкорлар кўмагида халқаро стандартлар бўйича эрта реабилитация хизмати жорий этилади. 150 нафар мутахассис хорижда малака оширади. Лойиҳа учун 150 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Ушбу чора-тадбирлар ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликни камайтириш имконини беради.

Шунингдек, амалдаги соғлиқни сақлаш тизимини хариталаш ва рақамлаштириш, шу асосда тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклифи билдирилди. Бу ишлар доирасида янги қурилиш стандартлари, поликлиника ва касалхоналарнинг намунавий лойиҳалари шакллантирилади, 210 та санитария нормаси қайта кўриб чиқилади.

Бугунги кунда аҳолининг лаборатория таҳлилларига ишончи бирмунча паст. Лаборатория хизматининг сустлиги профилактика ва даволашни қийинлаштирмоқда. Туман даражасидаги 2800 та поликлиникага 1500 та лаборатория хизмат кўрсатаяпти, ускуналарнинг аксарияти эскирган, айрим таҳлиллар қўлда бажарилади.

Шу боис 2030 йил якунига қадар 198 та марказлашган лаборатория ташкил этиш, ички ва ташқи сифат назоратини йўлга қўйиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бепул таҳлиллар сони оширилади.

Ўзбекистонда инсулт ва инфарктга олиб келадиган касалликлар кўпаймоқда

Профессионал ва олий тиббий таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамширалар академиясини Тошкент давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Профессионал тиббиёт академиясига айлантириш таклифи билдирилди. Халқаро ҳамкорлар билан бирга янги дастурлар жорий қилинади, ҳамшираларни NCLEX имтиҳони асосида халқаро сертификатлаш йўлга қўйилади. Олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналишига қабул квотаси босқичма-босқич оширилади.

Бундан ташқари, барча ўқув дастурлари халқаро ташкилотлар талаблари асосида аккредитациядан ўтказилади, оилавий тиббиёт бўйича интеграциялашган таълим дастури ва бир йиллик интернатура жорий этилади. “Бемор ёнида” ўқитиш улушини ошириш, билимларни баҳолашнинг икки босқичли тизими ҳамда тиббиёт ходимларини рўйхатга олиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Алоҳида йўналиш жамоат саломатлиги билан боғлиқ. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси фаолиятини юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасига, оналар ва болалар ўлимини камайтиришга, жароҳатланишнинг олдини олишга йўналтириш таклиф этилмоқда. Бунинг учун юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича миллий дастур ишлаб чиқилади.

Қон хизматини такомиллаштириш масаласи ҳам долзарб. Бу борада 2026-2030 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилиниб, тиббиёт муассасаларининг қон билан таъминланганлиги 100 фоизга етказилади. Қон препаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қон хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий усуллари, жумладан, вирусларни инактивация қилиш ва нурлантириш жорий этилади. Бу ўлим ҳолатларини камайтириш ва қонга эҳтиёжни таъминлаш имконини беради.

Ўзбекистонда фармацевтика бозори бугунги кунда 2 миллиард доллардан ошган. Бу йўналишда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мезонларини инобатга олган ҳолда, дори воситаларини рўйхатдан ўтказишда тан олиш тартиби жорий этилади. Женерикларнинг биоэквивалент синовлари ўтказилади, тиббий буюмларни уларнинг хавфсизлик синфлари бўйича рўйхатдан ўтказишнинг табақалаштирилган тизими қўлланилади. Бу борада фаолиятни бошлаш учун хабардор қилиш тартиби жорий этилади.

Шартнома асосида ишлаб чиқариш ва технологиялар трансфери ривожлантирилади, фармназоратнинг замонавий механизмлари татбиқ қилинади.

Шавкат Мирзиёев билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Белгиланган вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Киритилди: 23:35 19.08.2025. Ўқилди: 414 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!