Бугун 3 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистонда экологик баҳолаш жараёнлари янада такомиллаштирилаётганлиги таъкидланди

Ўзбекистонда экологик баҳолаш жараёнлари янада такомиллаштирилаётганлиги таъкидланди

Швейцариянинг Женева шаҳрида Атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий контекстда баҳолаш тўғрисидаги Конвенция (Эспо конвенцияси) ва Стратегик экологик баҳолаш (СЭБ) протоколи доирасида Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АМТБ) ва СЭБ бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилиши (1–3 декабр) бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик экспертизаси маркази директори Ғайрат Маҳамедов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Маълумот учун, Эспо конвенцияси БМТ Европа иқтисодий комиссияси томонидан илгари сурилган халқаро битим бўлиб, 1991 йилда Финляндиянинг Эспо шаҳрида имзоланган ва 1997 йилда кучга кирган. Конвенцияга кўра, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тартиби потенциал хавфли лойиҳалар бўйича наfaқат ушбу лойиҳа амалга оширилаётган давлатнинг ўзида, балки унинг таъсир доирасига тушиши мумкин бўлган қўшни мамлакатларда ҳам ўтказилиши лозим. Конвенция талабларига биноан, баҳолаш жараёни режалаштиришнинг энг дастлабки босқичлариданоқ амалга оширилиши керак.

Тадбирда Ўзбекистон вакиллари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, АМТБ ва СЭБнинг янги механизмларини жорий этиш, экологик жараёнларни рақамлаштириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни кучайтиришда фаол экани таъкидланди.

Тадбир давомида мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳудудий-тадбиркорлик ва энергетика, иқлим, биоихилма-хиллик соҳаларида экологик баҳолаш самарадорлигини ошириш, Конвенция ва Протокол талабларига риоя қилиниши устидан мониторинг механизмларини такомиллаштириш, Марказий Осиё давлатлари иштирокида субҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экологик жараёнларда рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилиш, келаси давр учун иш режаларини шакллантириш, янги қўлланмалар ва ўқув дастурларини тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Ушбу муҳим тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ислоҳотларни тақдим этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашиш учун муҳим имконият ҳисобланади.

Киритилди: Бугун 15:40. Ўқилди: 131 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!