Ўзбекистон автомобиль бозорида Chevrolet Cobalt модели билан боғлиқ қизиқ ҳолат кузатилмоқда. Мамлакатда ушбу автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми ошганига қарамай, сотув кўрсаткичлари бир йил аввалги натижалардан сезиларли даражада ортда қолган.
2026 йилнинг январь–июнь ойларида 82 951 дона Cobalt ишлаб чиқарилган. Бироқ шу даврда мазкур моделдан атиги 40 936 дона сотилган.
Ўтган йилнинг биринчи ярмида эса вазият бошқача бўлган. Ўшанда 73 102 та автомобиль ишлаб чиқарилиб, 67 580 та Cobalt сотилган эди.
Шундай қилиб, бир йилда ишлаб чиқариш ҳажми 9849 донага ёки 13,5 фоизга ошган. Сотувлар эса аксинча, 26 644 донага қисқариб, қарийб 39,4 фоизга пасайган.
Бу рақамларга қарамай, Chevrolet Cobalt Ўзбекистонда ҳамон энг кўп ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган автомобиль модели бўлиб қолмоқда.