Мажмуа Самарқандда ташкил этилган бўлиб, у республикадаги илк ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси ҳисобланади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Мазкур 2 та ярим ер ости чиқинди сақловчи махсус қутилар мажмуаси Самарқанд шаҳри Қорасув массиви “Обод маскан” МФЙда ишга туширилган. У аҳолидан тўпланадиган маиший чиқиндиларнинг атрофга сочилиб кетиши ва иссиқ кунларда турли нохуш ҳидлар тарқалишининг олдини олиб, шу тариқа фуқароларга қулай шарт-шароит яратиши айтилмоқда.
Мажмуа 2 метр чуқурликда жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2 тадан жами 4 та махсус контейнер ўрнатилган. Контейнерларнинг сиғими 3 метр куб (550 литр)ни ташкил этади ва 1000−1500 нафар аҳолига хизмат қила олади. Келгусида ҳудудда яна 5 та шундай ер ости мажмуасини қуриш режалаштирилган.
Агентлик бу каби чора-тадбирлар республика бўйича давом эттирилишини маълум қилган.
Самарқандда жорий йил июль ойидан буён чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи заводи қурилмоқда, мазкур лойиҳага 150 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинган эди. Завод кунига 1500 тонна чиқиндини термик қайта ишлаши ва йилига 240 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқариши кутиляпти. Бу каби лойиҳалар ва аҳолига қулайлик туғдирувчи ер ости мажмуалари бутун республика бўйлаб старт олиши ўзимиз ва ташриф буюрувчи туристлар учун ҳам яхши янгилик бўлади.