Ўзбекистонда бир қатор давлат ва хусусий хизматлардан фойдаланишда ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этиш зарурати бартараф этилмоқда. Фуқаролар айрим жараёнларда паспорт, ID-карта ва бошқа шахсий ҳужжатларни смартфон орқали кўрсатиши мумкин.
Янги тартибга мувофиқ, my.gov.uz портали ҳамда «Ижтимоий карта» мобил иловасидаги электрон ҳужжатлар банк операцияларида, нотариал хизматлардан фойдаланишда ва мамлакат ичидаги авиақатновларга рўйхатдан ўтишда қабул қилинади.
Шунингдек, алоқа операторлари ва ломбардлар билан шартнома расмийлаштиришда ҳам ҳужжатларнинг электрон шаклидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Янгилик фақат паспорт ва ID-карта билан чекланмайди. Туғилганлик ҳамда никоҳ гувоҳномаларининг электрон кўринишлари ҳам тегишли хизматларда қоғоз ҳужжат ўрнини босиши мумкин.
Бундан ташқари, қон донорлиги, ҳарбий ҳисобга қўйиш, уруш қатнашчиларига компенсация тайинлаш ва тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизматлар кўрсатиш жараёнларида ҳам электрон ҳужжатлардан фойдаланиш назарда тутилган.
Мазкур янгиликлар доирасида 33 та идоравий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Улар 2026 йил 20 октябрь куни Адлия вазирлигида 3958 ва 3959-сонлар билан давлат рўйхатидан ўтказилган.