Бугун, 6 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 60 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси ва уларга тенглаштирилган шахслар истиқомат қилмоқда.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, уларнинг 14 нафари Иккинчи жаҳон уруши ногирони, 14 нафари уруш қатнашчиси, 13 нафари Ленинград қамали қатнашчиси ҳамда 19 нафари концлагерь маҳбуси ҳисобланади.
Фахрийларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида — 28 нафар. Шунингдек, Тошкент вилоятида 11 нафар, Фарғона вилоятида эса 5 нафар фахрий яшамоқда.
Қайд этилишича, қайта кўриб чиқилган ҳарбий ҳисоб варақаларига кўра, уруш йилларида Ўзбекистондан 1 миллион 951 минг киши фронтга сафарбар этилган. Ўша даврда республика аҳолиси 6,5 миллион нафарни ташкил этган.
Фронтга кетган ўзбекистонликлардан 538 минг нафари ҳалок бўлган.